Ўзбекистон делегацияси Вашингтондаги халқаро форумда

Жорий йилнинг 9-12 апрель кунлари АҚШнинг Вашингтон штатида “Инсон капитали” халқаро форуми ташкил этилди. Мазкур форумда Жаҳон банкининг бош ижрочи директори Кристалина Георгиева,инсон капиталини ривожлантириш бўйича вице-президент Аннетт Диксон, дунёнинг 50 га яқин мамлакати вакиллари, шунингдек Ўзбекистон делегацияси аъзолари, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари А.Умаров, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев қатнашмоқда.

“Инсон капитали” Жаҳон банкининг глобал ташаббуси бўлиб, мазкур лойиҳа давлатларнинг барқарор иқтисодий ўсиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Форумда таълим сифатини яхшилаш механизмлари, соғлиқни сақлаш, бандлик ва молия соҳасидаги хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда аҳоли даромадлари маҳсулдорлигини ошириш каби масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, асосий эътибор таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга қаратилди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон делегацияси Жаҳон банки ва Халқаро таълим бўйича Америка кенгаши вакиллари билан икки томонлама учрашувларда иштирок этади.

Хивада Огаҳий мактаби ташкил этилади

Жорий йилнинг 20 мартида Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилинган эди. Мазкур қарорга биноан 2019 йилнинг декабрь ойида Огаҳий таваллудининг 210 йиллиги мамлакат миқёсида кенг нишонланиши ва Огаҳий номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ташкил этилиши белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, Хива шаҳрида Огаҳий номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ташкил этилиши истеъдодли ёшларга кенг имкониятлар яратади. Мазкур ижод мактаби Халқ таълими вазирлиги тасарруфига киритилиб, 2019-2020 ўқув йилида мактабнинг 5-, 6-, 7- ва 8-синфларига ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 5-синфга 30 нафардан ўқувчи танлов асосида қабул қилинади.

Халқ таълими вазири ижод мактабининг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартириш киритиши мумкин.

Ижод мактабига иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва адабиёт, хорижий тиллар бўйича тест ҳамда ижодий танлов ўтказилади. Шунингдек, мазкур таълим масканига олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагоглар жалб этилади.2019-2020 ўқув йилидан бошлаб мактаб дарслик, ўқув-методик қўлланма ва бадиий адабиётлар билан таъминланади.

Dunyoni imoratlari ichida eng ulug'i maktab bo'lsa,kasblar ichida eng sharaflisi o'qituvchilik va murabbiylikdir